0
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик телеграммасини йўллади. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати хабар бермоқда.
Телеграммада қайд этилишича, сайлов якунлари Ислом Каримовнинг аҳоли орасидаги юқори нуфузи, унинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожи ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати кенг қўллаб-қувватланаётгани далилидир.
Назарбоевнинг ишонч билдиришича, Ислом Каримовнинг раҳбарлигида Ўзбекистон фаровонлик сари йўлини давом эттиради.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик муносабатлари бундан кейин ҳам стратегик ҳамкорлик даражасида ривожланишда давом этади, деб ишонаман”, – дейилади телеграммада.
Табрик телеграммаси сўнгида Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Президентига мустаҳкам соғлиқ ва масъулиятли лавозимдаги кейинги фаолиятида муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти сайловидаги ғалаба билан табриклаган эди.
Эслатиб ўтамиз, сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Ислом Каримов сайловчиларнинг 90,39 фоиз овозини тўплади.
Манба: Kun.uz

Отправить комментарий Blogger

 
Top