0
 Тошкент темир йўл вокзалида мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. 

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда аскарларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар кутиб олди. 
Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизими тубдан такомиллаштирилгани таъкидланди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ўз фуқаролик бурчини бажариш билан бирга, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириб, руҳан ва жисмонан чиниқмоқда. 

Йигитлик бурчини ўтаб қайтганлар орасида пойтахтимизнинг Учтепа туманидан Фарҳод Амиров ҳам бор. У Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларининг ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилди. 

– Ватан ҳимояси энг шарафли бурч эканини муддатли ҳарбий хизмат давомида янада теран ҳис этдим, – дейди Фарҳод. – Зарур билим ва тажрибага эга бўлдим, чиниқдим. Энди ҳаётимни армия билан боғлаб, офицер бўлиш учун Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетига ҳужжат топширмоқчиман. 

Роман Бондарчук, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА 

Отправить комментарий Blogger

 
Top